Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан учта вилоятда қалбаки валюталарнинг муомалага чиқарилишига чек қўйилди, деб хабар беради ЎзА.
Қайд этилишича, Сирдарё вилоятида ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Оқолтин туманида яшовчи 25 ёшли шахс алдов йўли билан икки нафар фуқаронинг ишончига кириб, улардан бирига 10 минг, иккинчисига эса 4 минг, жами 14 минг қалбаки долларини ўтказмоқчи бўлган вақтида ушланган.
Бухоро вилоятида кузатилган ҳолатда эса Ғиждувон туманида яшовчи, муқаддам судланган 37 ва 34 ёшли икки шахс харидорга қалбаки 10 минг долларини 5 минг долларига сотишга келишган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, улар қалбаки 8,3 минг долларни бериб ва қолганини тез кунда етказишларини айтиб, 5 минг долларни олган вақтларида ушланган.
Қалбаки пуллар муомаласи
Бундан олдин Навоий вилояти ИИБ ТҚХ ЖҚБ, ДХХ Навоий вилояти бошқармаси ва департамент ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда жиноий гуруҳ томонидан 400 миллион сўм сохта пуллар 160 миллион сўм ҳақиқий пулларга алмаштирилаётган пайтда қўлга олинганди. Апрель бошларида эса Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида харидор қалбаки пулга iPhone сотиб олгани, Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида қалбаки пуллар муомалага киритилишининг олди олингани тўғрисида хабар берилганди.
2022 йил ноябрида Наманган вилоятида қалбаки 8 300 долларни муомалага киритишга уринган шахс ушланган эди. Декабрда эса Наманганда МИБ идорасида қалбаки 10 000 доллар ёқиб юборилган.
Изоҳ (0)