Сурхондарёнинг Ангор тумани ҳокими “аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан 349 миллион 900 минг сўмга Captiva-5 автомашинаси харид қилганди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу масала юзасидан ўтказилган ўрганиш натижаларини эълон қилди.
Ушбу автомобиль туман ҳокимлигининг 2024 йил 12 февралдаги қарорига асосан харид қилинганди. Масъуллар Ангор тумани ҳокими икки йил давомида хизмат автомобилисиз юрганини, шу сабаб харид амалга оширилганини маълум қилганди.
Ўрганиш жараёнида Ангор туман ҳокимлиги томонидан Captiva-5Т Premier Black-Matt автотранспорт воситаси ҳокимликнинг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан харид қилингани тасдиқланди. Бироқ мазкур автотранспорт воситасининг қиймати Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги 258-сон қарори билан тасдиқланган давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларини бириктириш талабларига зид экани аниқланди.
Ҳукумат қарорига кўра, туман ва шаҳар ҳокимлари учун фақат битта дона, қиймати минг БҲМгача (ёки 340 миллион сўмгача) бўлган хизмат автотранспорт воситаси харид қилиниши мумкин.
Шунга кўра, агентлик тақдимномасига асосан ушбу автотранспорт воситаси бугунги кунда туман балансидан чиқарилиб, вилоят ҳокимлиги тасарруфига ўтказилиши таъминланган.
Изоҳ (0)