Бундан 71 йил олдин, 1953 йил 5 март куни буюк рус композитори Сергей Прокофев оламдан ўтади. Аммо улкан мамлакат унинг ўлимини сезмайди ҳам, чунки бу вақтда барча СССРни қарийб 30 йил бошқарган Совет Иттифоқи Коммунистик партияси етакчиси Иосиф Сталин учун кўз ёши тўкаётганди. Сталиннинг ўлими СССР тарихида бурилиш нуқтасига айланди. Қуйида Россия тарихидаги энг қўрқинчли қаҳрамонлардан бири бўлган Сталин ҳақида ҳикоя қиламиз.
Сталиннинг ҳокимият тепасига келиши ҳақида
Сталин жуда қашшоқ оилада дунёга келади. Ёшлигида у романтик шоир эди, грузин тилида бир қанча эътиборга арзирли шеърлар ҳам ёзади. Онасининг хоҳишига кўра у Тифлис диний семинариясига ўқишга киради. 1890 йиллар Грузияда ёшлар орасида миллатчилик эмас, балки марксистик қарашлар оммалашганди. Сталин семинарияда православлар қонунларидан секин-аста узоқлашиб боради ва натижада маҳаллий мухолиф ғоялар таъсирига тушади. Грузияда марксистик ҳаракатга сиёсатчи Ной Жордания бошчилик қиларди. У вақтда Жугашвили фамилиясида бўлган ёш Сталин ҳам унга қўшилади.
Сталин жуда баджаҳл, ҳатто жангари табиат эди. Масалан, у қаттиққўллиги билан ном чиқаради, кўчаларда уришишни яхши кўрарди. Айнан шу сабабли кўп ўтмай у янада радикал қанот — болшевикларга қўшилади. “Сталин: инқилоб сари йўл” китобида у ёшлигидан ўзининг сиёсий услубига эга бўлган шахс сифатида тасвирланади. У прагматик, манипулятор эди, Макиавелли каби бошқарувчилик кўникмаларини ўзида жамлаганди. Сталин ўз мақсадига эришиш учун барча нарсага тайёр эди: муваффақиятли инқилоб ва имкон қадар ҳокимият тепасига чиқиш — шу икки орзу унинг ҳаёти мазмунига айланади.
Сталинни ўрганган кўплаб тарихчилар унинг инқилобга қадар бўлган фаолиятини юқори баҳоламайди, вилоятдан келган иккинчи даражали шахс сифатида қарайди. Аммо унинг Кавказортидаги ишларига қаралса, аён бўладики, у арман Степан Шаумян билан бир қаторда минтақада катта сиёсий кучга эга бўлган. Сталиннинг ўша пайтдаги ҳамкасблари бир овоздан унинг ажойиб ташкилотчи, кучли ташвиқотчи, шунингдек, ишониш мумкин бўлмаган манипулятор экани ҳақида ўз мактубларида ёзиб қолдирган.
Албатта, болшевикларнинг бутун фракцияси кўламида у бир деганда кўзга ташланмайди. 1910 йиллар бошида Владимир Ленин уни қўллаб-қувватлайди, чунки унга қуйи қатламдан ёш сиёсатчи керак эди. Сталин Лениннинг ўнг қўли эмасди, бу каби “шараф” Григорий Зиновев, Лев Каменев, Лев Троцкийга насиб этган — охир-оқибат уларнинг барчаси ўлдирилади.
1917 йил бошида Сталин Красноярск ўлкаси яқинидаги Ачинск шаҳрига сургун қилинади, март бошида эса Февраль инқилобидан кейин Петроградга қайтади. Бу вақт Швейцарияда бўлган Лениндан эртароқ пойтахтга етиб келган Иосиф зудлик билан шаҳар кенгашидаги болшевиклар фракцияси етакчисига айланади. Қизиқ жиҳати, болшевикларнинг Биринчи Петроград конференциясидаги делегат бўлган Сталин нисбатан мўтадил позицияни эгаллайди ва ҳатто Муваққат ҳукуматни қўллаб-қувватлайди. Апрель ойида етиб келган Ленин эса унга кескин қаршилик билдиради. Шунда Сталин ўз қарашларини буткул ўзгартириб, Ленин тарафига ўтиб кетади.
Июлдаги чиқишлардан кейин Ленин Зиновев билан Финляндияга қочишга мажбур бўлганида, Троцкий эса қамоққа олинганида Сталин болшевикларнинг етакчиларидан бирига айланади. Шу боисдан Октябрь инқилобидан кейин Ленин уни миллатлар бўйича комиссар этиб тайинлайди.
Сталин хоҳлаган давлат
Сталин марказлашган давлатни маъқул кўрарди, унинг учун вертикал ҳокимият муҳим эди. Ҳар қандай демократик жараёнлар унга маъқул келмасди. 1918 йилдаёқ у болшевиклар ҳокимиятни тутиб қолиши учун репрессив чоралар қўлланилишини ёқлаб чиққанди.
Мамлакатда юзага келган фуқаролик уруши Сталин ва Троцкийни бир-бирига қарши қилиб қўяди. Уларнинг иккиси ҳам кучли шахс бўлиб, ўзларига топширилган йўналишни максимал даражада назорат қилишни истарди. 1919 йилда Сталин партиянинг бош котибига айланади: бу аҳамияти унчалик катта бўлмаган лавозим эди. Аммо Иосиф бюрократик кўникмалари ёрдамида партия ичида ҳокимиятни қўлга олади. Мамлакатдаги барча тайинловлар у орқали ўтгани боис, Сталин лавозимларни ўз тарафдорларига “улаша бошлайди”. 1923 йилда Ленин Сталиннинг таъсир доираси ошиб бораётганини кўради ва унга қарши чиқишга уринади. Аммо энди кеч эди.
1922 йилда съездга ёзилган мактубда (норасмий “Лениннинг васияти” номини олган) Ленин партиядаги кўплаб шерикларидан ёзғиради — “Николай Бухарин ҳеч қачон уқмади ва ўйлайманки, ҳеч қачон диалектикани тўлиқ тушунмаган”, “Троцкий ҳаддан ортиқ ўзига ишонган”. Сталин унинг учун “жуда қўпол” ва “ўз қўлида улкан кучни тўплаган” эди. Ленин Сталинга истеъфо таклиф қилади ва у номига бунга рози бўлади, аммо дўстлари ундан “кетмасликни ўтиниб сўрайди”. Бу вақтда Ленин қаттиқ бетоб бўлиб, мамлакатда ўзгараётган вазиятга ҳақиқатда таъсир кўрсата олмасди.
Сталиннинг ўлими
Унинг бошқарув даври, бутун бошли халқларни қатағон қилгани ҳақида кўп ёзилган. Шу боисдан Сталин умрини шу қисми ҳақида маълумот бермасдан ўлими ҳақида ёзишни маъқул топдик. Иосиф Сталин ўлимидан бир неча кун олдин Хрушчёв, Маленков, Берия ва Булганинни дачасига кечки овқатга таклиф қилади. Кечки овқат деярли тонгга қадар давом этади, Сталиннинг кайфияти жуда яхши эди. Эртаси куни Хрушчёв, ўз мемуарида ёзишича, яна таклиф кутади. “Эртадан кейин дам олиш куни бўлгани сабаб Сталин яна бизни чақиришини кутдим, чунки кун бўйи тушлик қилмади. Аммо кечроқ бўлса-да, у таом тановул қилди. Қўнғироқ бўлмади. Дам олиш куни бизнинг фойдамизга қурбон қилиниши мумкинлигига ишонмасдим, бунақаси деярли ҳеч қачон бўлмаган”, — деб ёзади у.
Шундан сўнг Хрушчёв Маленковга қўнғироқ қилади ва Сталиннинг дачасида чекистлар нимадир содир бўлгани тўғрисида хабар берганини айтади. Хрушчёв, Маленков, Берия ва Булганин зудлик билан дачага етиб боради.
“Овқат узатадиган Матрёна Петровнани разведкага жўнатдик… Чекистлар олдинроқ уни хонага киргизганини айтишди. Аёлнинг сўзларига кўра, Сталин полда ётар, унинг таги эса ҳўл эди. Чекистлар уни кўтариб, кушеткага ётқизиб қўйган… Шундай воқеа юз берганини ва у ухлаётганини айтишганида, биз ноқулай аҳволда қолган Сталиннинг олдига кириш нотўғри бўлади деб ҳисобладик. Ҳаммамиз уй-уйимизга тарқалдик”, — деб ёзади Хрушчёв.
Аммо орадан кўп ўтмай Маленков яна қўнғироқ қилади: “Ўртоқ Сталиннинг йигитлари яна сим қоқди. Айтишларича, унинг аҳволи яхши эмас. Матрёна Петровна у тинчгина ухлаётганини айтган бўлса-да, бу одатий уйқу эмас. Яна бир бориб кўришимиз даркор”.
Шунда бюронинг бошқа аъзоларига қўнғироқ қилиб, шифокор чақиришга қарор қилишади. Кардиолог, профессор Павел Лукомский Сталинни кўздан кечириб, унинг ўнг қўли ишламай қолганини айтади. Шунингдек, чап оёғи ҳам фалажланган ва у гапирадиган аҳволда эмас. Марказий Қўмита Президиуми аъзолари беморнинг тепасида навбатчилик ташкил этади.
Шифокорлар нафас олиш ва қон айланишни яхшилаш мақсадида қўлдан келган барча ишни қилади, аммо ижобий ўзгаришлар кузатилмайди. Қон босими кўтарилади, аритмия пайдо бўлади. 1953 йил 4 март куни Сталиннинг бетоблиги тўғрисида радио орқали эълон қилинади. Инсульт, фалажлик, мияси лат егани ҳақида гап-сўзлар тарқайди.
Сталиннинг аҳволи сабаб Марказқўм фавқулодда пленум ўтказади — вазирликлар, давлат идоралари тузилмаларини ўзгартириш ва тайинловларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинади. Марказий Қўмитанинг биринчи котиби лавозимига Хрушчёвнинг номзоди таклиф этилади.
“Хрушчёв пленумда давлат бошқарувини қисқартириш чоралари ва раҳбарлик лавозимларига номзодлар ҳақида гапирар экан Сталин худди ўлгандек, у энди партия ва давлат тепасига келмайдигандек таассурот юзага келди”, — деб ёзади маршал Георгий Жуков.
Сталин 1953 йил 5 март куни кечаси вафот этади. шифокорлар унга сунъий нафас беради, юрак уришини қайта тиклашга уринади. Барчаси фойдасиз — соат 21:50 да ўлим қайд этилади. Берия дарҳол Москвага жўнаб кетади, Хрушчёв ва Маленков дачага Президиумнинг барча аъзоларини чақиради.
“Улар етиб келгунча, Маленков хонада у ёқдан бу ёққа юриб, хавотирга тушарди. Мен у билан гаплашишга қарор қилдим. ъЕгор, сен билан суҳбатлашиб олишимиз керакъ. ъНима ҳақида?ъ. ъСталин ўлди. Энди қандай яшаймиз?ъ, ъҲозир ниманиям гаплашамиз? Шу масала учун тўпланяпмиз-куъ”, — деб ёзади Хрушчёв.
Мурда ёриб кўрилганида, Сталин бундан олдин ҳам бир неча бор инсульт бўлгани, касаллик қон томирларининг бузилишига олиб келганини кўрсатади. Бундан ташқари, охирги инсульт ва кўрсатилган ёрдам орасида кўп вақт ўтиб кетгани Сталиннинг ўлимига сабаб бўлганди. Сталиннинг ўлими ҳақида кўплаб версиялар бор, жумладан, фитна ва қотилликка оид тахминлар ҳам.
“Халқлар отаси” билан видолашув 6 март куни Иттифоқлар уйида бўлиб ўтади. Сталиннинг мумиёланган жасадига кундалик мундири кийгизилади, тобути гуллар билан безатилади. Сталинни сўнгги манзилга кузатиш учун минглаб одамлар ташриф буюради. Куннинг қоронғи вақтида майдонда прожекторлар ўрнатилган юк машиналари қўриқчилик қилади. Орадан уч кун ўтгач, видолашув якунланади.
Дафн маросими 9 март куни бўлиб ўтди. Соат 07:00 да Қизил майдон қўриқчилар билан қуршаб олинган эди, бир соатдан кейин қўшинлар саф тортди. Мотам жараёни Иттифоқчилар уйидан мавзолейга қадар давом этди.
Маросимда бахтсиз ҳодиса ҳам юз беради — Трубная майдонида тиқилинч юзага келади, турли маълумотларга кўра, бунинг оқибатида бир неча юз кишидан минг кишига қадар одам ҳалок бўлган.
Сталиннинг жасади Ленин мавзолейида оммага намойиш учун қўйилади. Хрушчёв, Маленков ва Берия эса мамлакат етакчилиги учун курашни бошлаб юборади. Сталиннинг ўлимидан кейин Берия СССР ички ишлар вазири лавозимини эгаллайди ва “шифокорлар иши”га (совет етакчиларини ўлдиришга айбланган номдор шифокорларга қарши жиноят иши) алоқадорларни реабилитация қилинишига эришади, миллиондан ортиқ маҳкумларнинг афв этилишини таклиф қилади. Бироқ 26 июнь куни Берия Ватанга хиёнат ва ҳокимиятни қўлга киритиш фитнасида айбланиб, ҳибсга олинади. 1953 йил 23 декабрь куни соат 19:50 да у СССР Олий Судининг махсус суди ҳукми билан отиб ташланади. Бериянинг давлат хавфсизлик органидаги маслакдошлари ҳам отилади.
1956 йилда Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг ХХ съездида илк бор олдин буни айтган ҳар қандай инсон қаттиқ жазоланиши мумкин бўлган жумлалар тилга олинади — “шахсга сиғиниш”, “оммавий репрессия”, “Ленин йўлидан бормаган Сталин”. Шундан кейин Сталиннинг жойи мавзолейда эмаслиги ҳақида гап-сўзлар урчий бошлайди.
1961 йилнинг кузида Сталин жасадини мавзолейдан олиб, Кремль деворлари яқинига кўмишга қарор қилинади. 31 октябрда парадга тайёргарлик баҳонасида Қизил майдон ёпилади. мавзолей ва Сталин учун қазилган қабр ёғоч қалқонлар билан тўсилади. Эртаси куни Қизил майдонга келган одамлар мавзолейда фақат бир кишининг — Ленин фамилиясига қолганига гувоҳ бўлади. Ҳукумат тартибсизликлар юзага келишидан хавотирда эди, аммо аҳоли Сталиннинг қайта дафн этилишини оддий қабул қилади.
Изоҳ (0)