Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида электр энергиясида узилишлар кузатилди. Бу ҳақда Asia-Plus хабар берди.
Маҳаллий вақт билан тахминан соат 11:10 да пойтахт электр энергиясиз қолган, аҳоли бутун шаҳар бўйлаб электр энергияси ўчирилганини айтмоқда. Айримлар Душанбенинг бир қатор туманларида ҳам иссиқлик таъминотида узилишлар кузатилаётгани ҳақида хабар бермоқда. Бундан ташқари, уяли алоқа тизимида узилиш ва интернетга киришда муаммолар борлиги айтилмоқда.
Ҳозирда узилиш сабаблари ҳақида расмий маълумот берилмаган. Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 25 январь куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда электр таъминотида катта миқёсдаги узилишлар содир бўлганди. Қозоғистон блекаутда Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетикларини айблаганди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги “свет”нинг оммавий ўчишида Қозоғистонни айблаган ва ҳодисанинг келиб чиқишига у ердаги электр тармоқларидаги авария сабабчи эканини маълум қилганди.
Изоҳ (0)