Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон судьялар ва давлат хизматчиларига камида иккита чет тилини ўрганишни топширди. Бу ҳақда Аsiа-Plus хабар берди.
Эмомали Раҳмон 12 февраль куни республиканинг барча вилоятлари судьяларини озод қилиш ва тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Шу куни у янги кадрлар билан учрашиб, касбий маҳоратни ошириш, миллий қонунлар ва халқаро ҳуқуқ нормаларини ўзлаштириш, тилни билиш каби масалаларга эътибор қаратди.
Тожикистон президенти ҳар бир давлат хизматчиси давлат тилини юқори савияда ва камида иккита чет тилини бир хил даражада билиши шартлигини айтди.
“Шу муносабат билан адлия тизими ходимларига ва барча давлат хизматчиларига чет тилларини чуқур ўрганиш учун бир йил муддат бериш, ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда уларга нисбатан зарур чоралар кўриш топширилди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, жиноят ишларини ўз вақтида кўриб чиқиш, аҳолининг ариза ва шикоятларига тегишли эътибор қаратиш, ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берилган.
“Виждонли ва ҳалол, хушмуомала бўлинг, чунки жамиятда инсон халққа холис хизмат қилиш орқалигина иззат ва ҳурматга эриша олади”, — дейди Эмомали Раҳмон.
Изоҳ (0)