Қуёшда иккита Х даражали кучли чақнаш содир бўлди. Охирги марта бундай ҳодиса 2017 йилда кузатилган. Бу ҳақда Россия Фанлар академияси Коинот тадқиқотлари институтининг Қуёш астрономияси лабораторияси “РИА Новости”га хабар берди.

“2024 йил 22 февраль куни Қуёшда Х балли энг юқори иккита чақнаш содир бўлди”, — дейилади хабарда.
Биринчиси Тошкент вақти билан тунги соат 04:17, иккинчиси эса эрталаб соат 11 дан 12 гача содир бўлган. Лаборатория раҳбари, профессор Сергей Богачевга кўра, Қуёшда охирги марта 2017 йилнинг сентябрида кетма-кет иккита юқори қувватли чақнаш кузатилган. Бундай ҳодисалар жуда кам учрайди.
“Юлдузнинг кетма-кет иккита шундай кучли портлашни амалга оширишга қодирлиги Қуёшнинг ниҳоятда юқори фаоллик ҳолатига кираётганидан далолат беради”, — дейди олим.
Унинг таъкидлашича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ажралиб чиққан плазма булутлари жуда яқин масофада бўлса-да, Ердан ўтиб кетади.
Қуёш чақнашлари рентген нурланишининг кучига қараб беш синфга бўлинади: А, Б, C, М ва Х. 2024 йил бошидан бери Қуёшда 5 та кучли чақнаш кузатилган.
Қуёш чақнашлари Ерда магнит бўронларини келтириб чиқариши мумкин, бу эса ўз навбатида энергия тизимларида узилишларга олиб келади ва қушлар, ҳайвонларнинг миграциясига ҳам таъсир кўрсатади. Бироқ чақнаш Қуёш-Ер чизиғидан сезиларли масофада бўлса, у сайёрага таъсир қилмайди.
Изоҳ (0)