Манхеттен судида Нью-Йорк прокурорлари япон мафияси аъзоси Такеши Эбисавани ядровий материаллар савдосига алоқадорликда айблади. Бу ҳақда CNBS хабар берди.
Хабарга кўра, 60 ёшли Такеши Эбисава ядровий бомба яратиш учун Эронга уран ва плутонийни билвосита сотишга уринган. Прокурорлар Эбисава ва унинг шериклари Таиланддаги ядровий материаллар намуналарини АҚШ Наркотикларга қарши кураш бошқармаси махфий агентига кўрсатганини айтмоқда.
“Таиланд ҳукумати ёрдами билан ядро қуроллари намуналари мусодара қилинди ва кейинчалик АҚШ ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратига ўтказилди. Ядровий суд-тиббиёт лабораторияси намуналарни таҳлил қилиб, уларда уран ва қурол-яроғ яратиш даражасида плутоний борлигини тасдиқлади”, — дейди прокуратура.
2022 йил апрель ойида Эбисава ва яна бир айбланувчи, 61 ёшли Таиланд фуқароси Сомпхоп Сингхасири халқаро гиёҳванд моддалар савдоси ва қурол-яроғ савдосида айбланган. Эбисава героин ва метамфетамин эвазига АҚШдан Мьянмадаги этник жангариларга қурол юборишга урингани айтилмоқда.
У АҚШда гиёҳванд моддалар савдоси, пул ювиш ва ер-ҳаво синфидаги ракеталарни сотиб олишда ҳам айбланган. Эбисава 2020 йил сентябрь ойида кон компанияси номидан АҚШ наркотикларга қарши кураш махфий агентига электрон почта орқали 50 тонна уран ва торийни 6,85 миллион долларга сотишни таклиф қилган.
“Бугунги айблов хулосасида айтилган хатти-ҳаракатларнинг жиддийлигини эътиборсиз қолдириб бўлмайди”, — дейди прокурор Уильямс.
Изоҳ (0)