13 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро ёрдам бўлими раҳбари Мартин Гриффиц Рафаҳдаги ҳарбий амалиётлар оммавий қирғинга олиб келиши ва Ғазодаги гуманитар саъй-ҳаракатларни ночор аҳволда қолдириши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда CNN нашри хабар бермоқда.
БМТ вакилининг сўзлари Исроилнинг Рафаҳдаги потенциал қуруқлик ҳужумига қарши кучайиб бораётган халқаро қаршилик билан бир пайтда янграмоқда. Жанубий Ғазо ҳудудида тўпланиб қолган 1 миллиондан ортиқ фаластинликлар билан боғлиқ оғир вазият Исроил, Миср, Иордания ва Қатар раҳбариятларини музокаралар бошлашга ундаган эди.
“Бутун Ғазо аҳолиси каби, Рафаҳда йиғилганлар ҳам шафқатсизлик ва тажовузкорликда тенгсиз бўлган ҳужум қурбони бўлишди. Исроил халқаро ҳамжамиятнинг қуруқликдаги босқиннинг хавфли оқибатлари ҳақидаги огоҳлантиришларига қулоқ солиши керак. Акс ҳолда, тарих Исроил режимига ортиқ тоқат қилмайди”, — деган Мартин Гриффиц.
Исроил мудофаа кучлари баёнотига кўра, ҳарбийлар Рафаҳда йиғилганларни эвакуация қилиш бўйича ўз режасини ҳозирча ҳукуматга тақдим этмаган. Ҳозирда тинч аҳолини ҲАМАС жангариларидан ажратиб олишга имкон берадиган режа ишлаб чиқиш устида ишланаётгани айтилмоқда.
Изоҳ (0)