Индонезия мудофаа вазири Прабово Субианто 59 фоизга яқин овоз билан президентлик сайловларида етакчилик қилмоқда. Бу ҳақда уч хил эхит-полл натижаларига таяниб, Reuters хабар берди.
Субиантонинг рақиблари — Жакартанинг собиқ губернатори Басведан Анис ва Ява собиқ губернатори Ганжар Праново мос равишда 25 ва 17,7 фоиз овоз олган. Амалдаги президент Жоко Видодо учинчи муддатга номзодини қўя олмаган ва Субиантони қўллаб-қувватлаган. Шу билан бирга, унинг 36 ёшли ўғли Гибран Ракабуминг Рака янги вице-президент бўлиши мумкин.
“Шу йўл билан Жоко Видодо ҳукуматдаги маълум таъсирни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда”, — дейди Reuters суҳбатдошлари.
Октябрь ойида Индонезия Конституциявий суди илгари 40 ёшдан кичик бўлганларнинг мазкур лавозимни эгаллашини тақиқлаган қонунни юмшатганди.
“Индонезиянинг амалдаги раҳбарининг танқидчилари уни сиёсий сулола яратишга уринишда айбламоқда”, — деб ёзади The Wall Street Journal.
Субианто Индонезиянинг энг қудратли оилаларидан бирига тегишли: унинг отаси Bank Negara Indonesia номли биринчи давлат банкига асос солган. 1983 йилда у 1966 йилдан 1998 йилгача мамлакатни бошқарган диктатор Муҳаммад Сухартонинг қизига уйланган.
Изоҳ (0)