Исроил молия вазири Безалел Смотрич АҚШдан Ғазо секторига ун етказиб берилишини тўсиб қўйди. Ёрдам айнан БМТнинг Фаластинлик қочқинларига (UNRWA) етказилиши лозимлиги, Исроил эса юк ҲАМАСга етиб боришидан хавотирда эканлиги бунга сабаб бўлди. Бу ҳақда Axios хабар берган.
Исроил ва АҚШ расмийларининг билдиришича, вазир Исроил божхона хизматига юкни UNRWA олувчи сифатида кўрсатилгунига қадар олиб чиқмасликни буюрган. “Исроил Вазирлар маҳкамасида ёрдам ҲАМАСга етиб бормаслиги ҳақида консенсус мавжуд ва бунга ишончим комил бўлиши учун ўз ваколатимдан фойдаланаман”, деди Смотрич.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Метю Миллер 13 февраль куни бўлиб ўтган брифингда АҚШдан жўнатилаётган ун Ғазо секторидаги 1,5 миллиондан ортиқ фаластинликларни озиқ-овқат билан таъминлашини айтди. Қўшма Штатлар Исроил ҳукумати билан юк Ғазога бир марталик ёрдам сифатида эмас, балки бир неча ой давомида доимий равишда етиб боришини таъминлаш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Исроил ҳукумати ун етказиб беришга рухсат бериш мажбуриятини олганини қўшимча қилди Миллер.
Изоҳ (0)