Тошкент ерусти метроси яқинидаги дўконларда 15 январь куни ёнғин юз бергани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди. ФВВ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Унга кўра, Сергели тумани, Қанора кўчасида жойлашган, енгил конструкциядан қурилган дўконларда ёнғин чиққани тўғрисидаги хабар соат 14:56 да Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармасига келиб тушган.
Хабарга асосан 4 та ёнғин қутқарув экипажлари воқеа жойига соат 15:01 да етиб бориб, 15:05 да ёнғин тўлиқ ўраб олиниб, 15:12 да батамом ўчирилган.
Ёнғин натижасида тан жароҳати олган ва вафот этган фуқаролар йўқ. Айни вақтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва зарар миқдори ўрганилмоқда.
Тошкент метрополитени матбуот хизматининг билдиришича, Тошкент ерусти метросининг “Қипчоқ” ва “Турон” бекатлари яқинидаги дўконларда содир бўлган ёнғин поездлар ҳаракатига таъсир кўрсатмаган.
Изоҳ (0)