Фарғона вилоятида пиротехника воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланган шахслар фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорликда пиротехника воситаларининг четдан ноқонуний олиб кирилиши ва сақланишига қарши тезкор тадбирлар ўтказган. Тадбирлар давомида Damas ва Cobalt русумли автотранспорт воситаларида ҳамда яшаш хонадонида четдан ноқонуний олиб кирилаётган ва сақланаётган умумий қиймати 264 миллион сўмлик 14 турдаги 588 минг донадан зиёд пиротехника воситалари борлиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Наманган вилояти Уйчи туманида 31 миллион сўмлик пиротехника буюмларини сотаётган шахслар ушлангани тўғрисида хабар берилганди. Ангренда Тошкентга кетаётган Mercedes-Benz ичидан 250 минг донага яқин пиротехника воситалари топилган, шунингдек, Тошкентда хонадонида 1 миллиард сўмлик пиротехника воситалари ва тамаки маҳсулотларини сақлаб келган шахс ушланган эди.
Изоҳ (0)