АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълум қилишича, Америка ҳарбийлари Ироқдаги “Катаиб Ҳизбуллоҳ” шиа қуролли гуруҳи ва унга алоқадор гуруҳларнинг учта нишонига зарба берган.
“Ироқ ва Суриядаги коалиция кучларига қилинган кўплаб ҳужумларга жавобан АҚШ ҳарбийлари Ироқдаги ‘Катаиб Ҳизбуллоҳ’ ва унга алоқадор гуруҳлар томонидан фойдаланиладиган кўплаб объектларга ҳаво ҳужумлари уюштирди”, — дейилади қўмондонликнинг Х ижтимоий тармоғидаги баёнотида.
АҚШ ҳарбийларининг дастлабки маълумотларига кўра, АҚШ ҳаво ҳужумлари оқибатида гуруҳ объектлари вайрон қилинган ва бир неча “жангари” йўқ қилинган.
“Тинч аҳоли жабрлангани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ”, — дея таъкидлади Пентагон.
Аввалроқ Ироқнинг Эрбил шаҳрида “Катаиб Ҳизбуллоҳ” вакиллари халқаро коалиция кучларига ҳужум уюштиргани, натижада бир неча киши жароҳатлангани хабар қилинганди.
Гуруҳ Ироқ шимолига дрон ёрдамида ҳужум уюштирганини, шундан сўнг уч америкалик аскар яраланганини маълум қилган. Ироқ бош вазири Муҳаммад Шиа ал-Суданийнинг вакили “жиноятчилар гуруҳи” Эрбилдаги фуқаролик аэропорти томон “бомба ўрнатилган дрон” учирганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳужум аэропорт фаолиятини тўхтатган ва фуқаролик рейсларини кечиктирган. Ироқ хавфсизлик кучларидаги манбаларининг даъво қилишича, АҚШ ҳаво ҳужуми натижасида “Катаиб Ҳизбуллоҳ”нинг бир аъзоси ҳалок бўлган, яна олти нафари яраланган.
Изоҳ (0)