3 декабрь куни Ироқдан Американинг Суриядаги базасига 15 та ракета учирилди, деб хабар берди АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) матбуот хизмати.
3 декабрь куни Ироқдан Американинг Суриядаги Румейлан базасига 15 та 122 миллиметрли ракета учиб келди. Ходимлар орасида жабрланганлар йўқ, жиҳозларга шикаст етмади, — дейилади хабарда.
Қўмондонлик АҚШ ҳарбийлари ракеталар учирилган жойни аниқлагани ва бу маълумотларни Ироқ хавфсизлик кучларига етказганини қўшимча қилди.
2 декабрь куни “Ироқ исломий қаршилик” шиа ҳаракати Эрбиль аэропортидаги АҚШ ҳарбий базасига дрон билан зарба берганди. Зарба Ғазо секторидаги жиноятларга жавоб деб аталди.
Исроил ва ҲАМАС ўртасида уруш бошланганидан бери Ироқ ва Суриядаги АҚШ ҳарбий базалари ва коалиция кучларига ҳужумлар тез-тез кузатилмоқда. Пентагон матбуот котиби генерал Патрик Райдернинг айтишича, ҳужумлар давомида ўнлаб америкалик аскарлар енгил жароҳат олган. У, шунингдек, базаларга қилинган ҳужумларни “кичик”, лекин “безовта қилувчи ва хавфли” деб баҳолади.
Изоҳ (0)