Эрон Вазирлар Маҳкамаси бир томонлама тартибда 32 давлат билан виза режимини бекор қилишни маъқуллади. Бу ҳақда мамлакат маданий мерос, ҳунармандчилик ва туризм вазири Иззатуллоҳ Зарғамий маълум қилди, деб хабар беради “Irna” агентлиги.
Эрон вазирининг сўзларига кўра, мамлакат бутун дунёга эшикларини очмоқчи.
Виза режими бекор қилинган мамлакатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Шунингдек, рўйхатдан БАА, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Перу, Куба, Мексика, Венесуэла, Босния ва Герцеговина, Сербия, Хорватия, Беларусь ва бошқа давлатлар ўрин олган.
“Эрон дунё, одамлар билан мулоқот қилмоқчи, эронофобия билан курашмоқчи. Виза режимининг бир томонлама бекор қилиниши Эронга бемалол келадиган чет эл фуқаролари билан мулоқот қилиш учун имкониятдир”, — дейди Зарғамий.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг октябридан Ўзбекистон—Эрон ўртасида ишбилармон ва илмий доиралар вакиллари ҳамда сайёҳлик гуруҳлари учун соддалаштирилган виза режими жорий этилган. 2023 йилнинг октябрида эса Эрон 60 та мамлакат фуқаролари учун виза тартибини енгиллаштириш, жумладан, виза тартибини бир томонлама бекор қилиш имкониятини кўриб чиқаётгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)