Бугун, 12 декабрь куни Тошкент шаҳар ИИББда пойтахтда криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор тадбир тафсилотига оид матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар бермоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг маълум қилишича, тезкор тадбирлар доирасида 38 та жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан жиноий иш очилган.
“Улар узоқ йиллар давомида кузатувда бўлган. Салим Абдувалиев, Бахтиёр Қудратиллаев, Саидазиз Саидалиев процессуал тартибда ушланган. Уларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Салим Абдувалиев тергов қилинаётган жиноят иши ва тезкор жараёнда у шахснинг уйида қурол сақланаётгани ҳақида маълумот келган. Уйида тинтув ўтказилиб, ноқонуний равишда қурол сақланаётгани аниқланди ва терговга жалб этдик. Жиноят иши қўзғатилган. Эҳтиёт чораси сифатида қамоқ жазоси тайинланган. Бахтиёр Қудратиллаев ҳақида бизга кўп маълумотлар келиб тушган. Бу бўйича ҳам тергов давом этмоқда.
Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида 135 та гиёҳвандлик моддаси, 19 та психотроп воситаларининг ноқонуний айланмаларига чек қўйилди. 4 килога яқин гиёҳвандлик моддалари ва 11 мингга яқин кучли таъсир қилувчи гиёҳвандлик воситалари ҳужжатлаштириб олинди”, — деди Дониёр Тошхўжаев.
Тошкент шаҳар ИИББнинг айтишича, ички ишлар органларида Ғофур Раҳимовга нисбатан жиноят иши мавжуд эмас ва унга нисбатан қидирув эълон қилинмаган.
“Уюшган жиноий гуруҳ билан бир кун, икки кунда масалани ҳали қилиб бўлмайди. Улар билан курашиш учун ойлар, керак бўлса, йиллар керак бўлади. Биз қонунларимизга асосан уларни кузатувга оламиз, уларнинг қилаётган ишларини фиксация қилиб, вақти-соати келганда чорасини кўрамиз. Биз етарли далиллар топгандан кейингина бундай тадбирларни амалга оширдик. Ҳозирда қўлга олинганлар уюшган гуруҳ таркибида ҳаракатланган, деб қўрқмасдан айта оламиз”, — деди Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.
Қўшимча қилинишича, жиноий гуруҳларга қарши рейдларга Humo аренаъдаги концертда юз берган тартибсизликнинг алоқаси йўқ.
Изоҳ (0)