Олий Рададаги “Халқ хизматкори” фракцияси раҳбари, Россия билан музокараларда Украина делегациясига бошчилик қилган Давид Арахамиянинг айтишича, 2022 йил баҳорида Россия делегацияси Украина НАТОга аъзо бўлишдан бош тортса, урушни тугатишини билдирган.
Улар сўнгги дақиқагача умид қилишди, биз бетарафликни тан олишимиз учун шундай шартнома имзолашимизни кутишди. Бу улар учун энг катта келишув бўларди. Агар биз ўтмишдаги Финляндия сингари бетарафликни қабул қилсак ва НАТОга қўшилмаслик мажбуриятини олсак, улар урушни тугатишга тайёр эди. Асосий пункт шу бўлган, — деди Арахамия 1+1 телеканали журналисти Наталя Мосейчукка берган интервьюсида.
Украина вакиллари нега бу таклифни қабул қилмагани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Арахамия бунинг учун Украина НАТОга аъзо бўлиш кўрсатилган Конституцияни ўзгартириш зарурлигини айтди. Бундан ташқари, сиёсатчининг айтишича, Украина расмийлари русларга ишонмаган.
Русларнинг бу ишни қила олишига ишонч йўқ эди. Буни фақатгина хавфсизлик кафолатлари мавжуд бўлганда амалга ошириш мумкин эди. Биз уларга кўпроқ тайёргарлик кўриш имконини берадиган нарсага имзо чека олмасдик. Бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигига 100 фоиз ишонч ҳосил қилганимиздагина ишлай олардик. Аммо бундай ишонч йўқ.
Бундан ташқари, биз Истанбулдан қайтганимизда, Борис Жонсон Киевга келди ва улар билан умуман ҳеч нарса имзоламаслигимиз кераклигини, шунчаки жанг қилишимизни айтди, — деб изоҳлади у.
Россия ва Украина кенг кўламли уруш бошида тинчлик музокараларини олиб борган эди. Музокараларнинг бир неча раунди Беларусь ва Туркияда бўлиб ўтди. Россия қўшинлари Киевдан чекингач, музокаралар музлатиб қўйилди.
Изоҳ (0)