Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан музокаралар фақат Украина тақдим этган тинчлик формуласи асосида олиб борилишини айтди. Бу ҳақда “Корреспондент” хабар берди.
Зеленский шу тариқа Украина ҳудудларининг бир қисмини Россияга бериш вариантини рад этди.
“Бизда битта ҳужжат бор, бизда Тинчлик формуласи бор, бизнинг ягона тилагимиз — тинчлик. Уни қандай тасаввур қилишимизни шакллантирдик, ҳамкасблар билан очиқ суҳбатга тайёрмиз”, — деди сиёсатчи.
Украина президенти 63 та давлат ушбу тинчлик формуласини амалга оширишга аллақачон қўшилганини айтди.
Шу билан бирга, Зеленский адолатни тиклаш ва Россия раҳбариятини содир этган жиноятлари, жумладан, Boeing МҲ-17 самолётининг ҳалокати, Бучадаги ваҳшийликлар ва Мариуполнинг вайрон бўлиши учун жавобгарликка тортиш зарурлигини қайд этди.
Украинанинг тинчлик режаси қандай эди?
2022 йил ноябрь ойида Украина президенти урушни тугатиш бўйича 10 та шартни илгари сурганди. Украина учун тинчлик формуласи қуйидаги мажбуриятларни ўз ичига олади:
- Украинанинг радиациявий ва ядровий хавфсизлигини таъминлаш;
- Украинанинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш;
- Мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш;
- Барча маҳбусларни ва депортация қилинганларни озод қилиш;
- БМТ низомини амалга ошириш ва Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳамда дунё тартибини тиклаш;
- Россия қўшинларини олиб чиқиб кетиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш;
- Адолатнинг қайтиши;
- Экоцидга қарши кураш;
- Эскалациянинг олдини олиш;
- Урушнинг тугашига эришиш;
Зеленский Россия Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тасдиқлаши, ўз қўшинларини мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетиши, шунингдек, урушдан етказилган зарарни қоплаши кераклигини таъкидлаган.
Бунга жавобан Россия ташқи ишлари вазири Сергей Лавров Украина амалга ошириб бўлмайдиган шартларни ўртага қўяётганини айтган эди.
Изоҳ (0)