Миннеаполис собиқ полициячиси Дерек Шовин Аризона штатидаги федерал қамоқхонада пичоқланиб, оғир яраланди, деб хабар бермоқда Associated Press манбаси. Федерал қамоқхоналар бюроси маҳбуслардан бири жароҳатланганини тасдиқлади, аммо жабрланувчининг исмини ошкор қилмади. Шовин афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлими учун 22 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда — айнан шу полициячи Флойдни ҳибсга олишда унинг бўйнини ўн дақиқа давомида тиззаси билан босиб турган.
Пичоқланиш ҳодисаси Туксондаги ахлоқ тузатиш муассасасида содир бўлган. AP маълумотларига кўра, қамоқхона “хавфсизлик ва ходимлар етишмаслигидан азият чекиб келади”: унда 380 га яқин одам сақланади. Қамоқхоналар бюроси вакилининг айтишича, ходимлар воқеа жойига етиб келиб, маҳбус касалхонага ётқизилишидан олдин унинг ҳаётини сақлаб қолиш чораларини кўрган. Ходимлардан ҳеч бири жабрланмаган. Қамоқхонага ташрифлар тўхтатилган.
Дерек Шовин бир вақтнинг ўзида Жорж Флойднинг фуқаролик ҳуқуқларини бузгани учун 21 йиллик федерал қамоқ жазосини ва Миннесота штатида иккинчи даражали қотиллик учун 22,5 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. У Миннесота штатидаги қаттиқ режимли қамоқхонадан Туксондаги ўртача хавфсизлик қамоқхонасига жўнатилганди.
Жорж Флойд 2020 йил 25 май куни ҳибсга олиш чоғида вафот этган. Афроамерикаликнинг ўлимига Шовин деярли 10 дақиқа давомида унинг бўйнини тиззаси билан босиб тургани сабаб бўлган. Флойднинг ўлими АҚШ ва бошқа кўплаб мамлакатларда ирқий дискриминацияга қарши норозилик намойишларига сабаб бўлди.
Изоҳ (0)