Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Пхеньян давлат аэрокосмик муҳандислик бошқармаси қошидаги умумий назорат ва тартибга солиш марказига ташриф буюрди. У ерда Ким Шимолий Кореянинг разведка йўлдоши томонидан олинган Жанубий Кореядаги шаҳарлар суратларини кўздан кечирди.
Ким Чен Ин душманнинг “асосий нишонлари, жумладан, Мокпхо, Кунсан, Пхёнтек, Осан ва Сеул” шаҳарларининг суратларини кўриб чиқди, дейилади KCNA давлат ахборот агентлиги хабарида.
Шунингдек, у КХДР ҳудудларининг фотосуратлари билан ҳам танишган.
Эслатиб ўтамиз, Шимолий Корея икки муваффақиятсиз уринишдан сўнг 21 ноябрь куни разведкачи сунъий йўлдошини муваффақиятли учиргани ҳақида эълон қилди. Қурилма Ер орбитасига чиқарилди. Япония орбитада КХДР сунъий йўлдоши экани тахмин қилинаётган объект борлигини тасдиқлади.
Аввалроқ Шимолий Корея Жанубий Корея билан ҳарбий кескинликни пасайтириш бўйича беш йиллик келишувни узиб, чегарада кучлироқ қуролли кучлар ва янги қуролларни жойлаштиришини маълум қилганди.
Изоҳ (0)