Афғонистондан олиб келинаётган гиёҳванд моддалар қаторига метамфетамин ҳам қўшилмоқда. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларга қарши курашиш дастури (CADAP-7) директори Эрнест Робелло маълум қилди, дея хабар бемоқда “Дарё” мухбири.
Эрнест Робеллонинг айтишича, Афғонистонда опий ишлаб чиқариш ва етиштириш сезиларли даражада қисқарган.
“Шунга қарамай, Афғонистонда метамфетамин ўзбошимчалик билан тайёрланмоқда. Минтақа мамлакатлари бу янги наркотик воситанинг тарқалишининг олдини олиши керак.
Агар гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ҳақида гапирадиган бўлсам, Афғонистонда гиёҳванд моддалар етиштириш миқдори камайса, табиий наркотикка қарамлар янги дори — метамфетаминга ўтиши мумкин. Шунинг учун Афғонистондан Ўзбекистонга келаётган метофетамин оқими ўсиши мумкин”, — деди CADAP-7 директори Эрнест Робелло.
Маълумот учун, метамфетамин — психотроп модда бўлиб, истеъмол қилганлар унга осон ўрганиб қолади.
CADAP ва Марказий Осиё
Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларга қарши курашиш бўйича дастур (CADAP) сўнгги 20 йил ичида Марказий Осиёда гиёҳванд моддаларга қарши сиёсат ривожига тизимли равишда сармоялар киритиб келмоқда.
Ташкилот тажриба алмашиш ва халқаро стандартларни миллий ҳамкорлар ишига жорий қилишга кўмаклашади. Бу нафақат гиёҳванд моддаларга қарши сиёсат соҳасидаги салоҳиятни оширади, балки маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиниши олдини олишга ёрдам беради. Шунингдек, гиёҳванд моддаларга тобе бўлиб қолиш натижасида ҳасталанган одамларни даволаш йўлларини ривожлантиради.
Аввалроқ “Толибон” кўкнори етиштириш ва сотишни тақиқлаганидан сўнг, мамлакатда метамфетамин ишлаб чиқариш кескин ошгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)