Тошкент метрополитени “Алишер Навоий” бекатидаги поездлар ҳаракати тўхтаб қолгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича,13 ноябрь санасида соат тахминан 09:15 лар атрофида Ўзбекистон йўналишининг “Алишер Навоий” бекатидан ҳаракатланишни бошлаган 40-сонли ҳаракат таркибида техник носозлик ҳолати кузатилган ва бунинг натижасида ушбу ҳаракат таркиби туннелнинг кириш қисмида 15 дақиқа вақт давомида тўхтатилган.
Йўловчиларга ноқулайлик ҳосил қилмаслик ва йўналишда белгиланган ҳаракат жадвали бузилмаслигини олдини олиш мақсадида, ортидаги 39-сонли ҳаракат таркиби орқали тиркамага олиниб, ҳаракат таркиби текширув йўлагига олиб борилган.
“Ҳозирги вақтда йўналишдаги барча поездлар белгиланган жадвал асосида ҳаракатланмоқда”, — дейилади муносабатда.
Аввалроқ 3—5 ноябрь кунлари 3 кун муддатга, “Ер усти ҳалқа йўли” йўналишининг “Толариқ” (10-бекат), “Хонобод” (11-бекат) ва “Қурувчилар” (12-бекат) бекатларида поездлар ҳаракати тўхтатилиши тўғрисида хабар берилганди. Октябрь ўрталарида Тошкент метрополитени охирги вақтда йўловчилар сони ошиб кетгани боис мурожаат билан чиқиб, “янги вагонлар келишига 2 ой қолгани”ни маълум қилган эди.
Изоҳ (0)