Тошкент метрополитени маъмурияти поезд йўлига ўз бошимчалик қилиб тушиш ҳолатлари ортгани сабаб йўловчиларга мурожаат билан чиқди.
Қайд этилишича, сўнгги вақтларда метродан фойдаланувчи йўловчилар сони кескин ортиши билан йўловчилар томонидан бир қанча тартиббузарликлар ҳолатлари юзага келмоқда. Хусусан, сўнгги 15 кун давомида йўловчилар поезд йўлига 3 маротаба ўзбошимчалик қилиб тушган. Улар бекатда фаолият олиб борувчи ходимлар томонидан зудлик билан ушбу йўловчилар хавфсиз тарзда платформага олиб чиқилган.
Йўловчилар шахсий буюмлари поезд йўлига тушиб кетгани ва уни олиш мақсадида тушганини бунга сабаб сифатида кўрсатган.
“Шу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, метро йўлида инсон ҳаёти учун хавфли ҳаттоки ўлим даражасига олиб борувчи юқори кучланишдаги (825 Волт) электр токи мавжуд. (Маълумот ўрнида, 42 Волт кучланишдаги электр токи инсон ҳаёти учун хавфли ҳисобланади.) Шу сабабли метродан фойдаланиш вақтида ҳушёр ва сергак бўлинг”, — дея огоҳликка чақирди метрополитени маъмурияти.
Шунингдек, бу каби ҳолатларга дуч келинда зудлик билан бекат платформасида фаолият олиб борувчи ходимларга мурожаат қилиш лозимлигини эслатиб ўтди.
Изоҳ (0)