Тошкент шаҳрида октябрь ойида автобуслардан 25 миллион 39 минг нафардан зиёд йўловчилар фойдаланди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” матбуот хизмати хабар берди.
Ўтган ой билан солиштирганда, ташилган йўловчилар сони 2 миллион 50 минг нафарга ортган. Бундан ташқари, октябрда йўналишга чиқарилган автобуслар сони 46 898 та (сентябрга қараганда 9599 тага кўп)ни ташкил этган.
Ўтган йилнинг айни икки ойида ҳозиргидан анча кам йўловчи автобусдан фойдаланганди. Хусусан, сентябрда — 11,6 миллион нафарга яқин йўловчи, октябрда — 13,650 миллион киши автобусларда ташилган.
Ўзбекистонда жамоат транспорти
Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида жамоат транспорти мутлақо ўзгариши ҳақида айтган эди. Шундан сўнг апрель ойида Тошкентга Хитойдан 268 та автобус ва электробуслар олиб келинди.
Май ойида Бухорога янги 100 та автобус ва микроавтобус, июль бошида Сирдарё вилоятига эса 160 та янги автобус олиб келиниши маълум бўлди. Аввалроқ “Тошшаҳартрансхизмат”га йўловчиларни ташишда кўриладиган зарарларни қоплаш учун 18 миллиард сўм ажратилгани, Тошкентдаги 32 та автобус йўналишида “кунлик план” бекор қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)