Германия президенти мустамлакачилик даврида Танзанияда содир этилган қирғинлар учун кечирим сўради. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Германия президенти Франк-Валтер Штайнмаер 1 ноябрь куни 1905—1907 йиллардаги Мажи-Мажи қўзғолони қурбонлари авлодлари билан учрашувда ўз мамлакатининг мустамлакачи кучлари томонидан Танзанияда содир этилган қонунбузарликлар учун кечирим сўради.
“Германия мустамлакачилиги қурбонлари олдида таъзим қиламан. Германия президенти сифатида кечирим сўрайман. Немис мустамлакачи аскарлари ота-боболарингизга қилган ишларидан уяламан”, — деди Штайнмаер.
Шунингдек, у 66 нафар жангчиси билан бирга немислар томонидан осиб ўлдирилган ва боши танасидан жудо қилинган ўша пайтдаги қўзғолон раҳбари Сонгеа Мбанонинг тақдири ҳақида гапирди.
Германия мустамлака империяси Африканинг бир қанча мамлакатларида, жумладан, Бурунди, Руанда, Танзания, Намибия ва Камерунда тарқалди. Биринчи жаҳон урушидан кейин у ўз мавжудлигини тўхтатди.
Тарихчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1905—1907 йилларда немис мустамлакачи қўшинлари 200 дан 300 минггача қўзғолон вакилини ўлдирган.
Изоҳ (0)