Тошкент шаҳри марказида тирбандликларга сабаб бўлаётган Нукус ва Бобур кўчаларидаги таъмирлаш ишлари 2−3 ноябрь кунлари тугатилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ишлар доирасида асфалт қопламасини янги технологиялар асосида янгилаш, янги йўлусти белгиларини чизиш, ҳудудга қўшимча дарахт ва буталар экилиши кўзда тутилган.
“Бўлиб ўтаётган кенг кўламли йўл таъмирлаш ишлари аҳоли норозилигига, тирбандликларга сабаб бўлди. Шу билан бирга, ёғингарчиликлар сабабли ҳамда кундузги тирбандликларни бир оз камайтириш мақсадида ишлар асосан тунги соатларда амалга оширилмоқда. Бу вазият учун шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларидан узр сўраймиз”, — дейилади ҳокимлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, тармоқ қувурларидаги таъмирлаш ишлари туфайли 10 сентябрдан 5 октябргача Муқимий кўчаси қисман тўсиб қўйилганди. Бир неча кун олдин эса Бобур кўчасининг Тошкент халқаро аэропортидан Муқимий ва Нукус кўчалари билан кесишмасигача бўлган қисмида йўл таъмирлаш ишлари олиб борилиши маълум бўлган эди.
Изоҳ (0)