Шавкат Мирзиёев Россияга расмий ташрифини якунлади ва Тошкентга қайтиб келди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Аеропортда олий мартабали меҳмонни Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди. Россия президенти Владимир Путин билан учрашувларда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестисия, энергетика, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда ва бошқа устувор йўналишларда кенгайтиришнинг долзарб масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин ва Татаристон раиси Рустам Минниханов билан музокара ўтказди.
Ташриф арафасида ва давомида қатор муҳим тадбирлар, жумладан, ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг тўртинчи йиғилиши, Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари ректорларининг ҳудудлараро конференцияси, учинчи Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми, Бутунроссия кўрагазма марказида “Ўзбекистон” павилонининг очилиши, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича икки томонлама ҳукуматлараро комиссия кичик комиссияларининг йиғилишлари ва бошқалар бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон президенти Россия ва Қозоғистон президентлари билан бирга Россиядан мамлакатимизга газ етказишни бошлаш маросимида иштирок этди.
Изоҳ (0)