Европа Иттифоқи инсон ҳуқуқлари бузилгани учун Эронга қарши санкциялар рўйхатини кенгайтирди. Бу ҳақда ЕИнинг расмий журналида хабар қилинган.
Эрондаги олти ташкилот ва тўрт нафар шахс санкциялар рўйхатига қўшилди. Хусусан, Эроннинг турли минтақаларидаги қамоқхоналар, шунингдек, ушбу мамлакат хавфсизлик кучларининг юқори мартабали вакилларига санкция қўйилган.
Европа Иттифоқи, Буюк Британия, АҚШ, шунингдек, бир қатор бошқа давлатлар бир неча бор Эронни инсон ҳуқуқларини бузаётганликда айблаб, ушбу айбловлар муносабати билан мамлакатга қарши санкциялар жорий этганди.
Европа Иттифоқининг Эронга қарши янги санкциялари 22 ёшли Маҳса Аминий ўлимининг бир йиллигига тўғри келди.
2022 йилнинг сентябрь ойи охирида 22 ёшли Маҳса Аминий ҳижобни “нотўғри” ўрагани учун ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинганидан кейин вафот этганди. Унинг вафоти мамлакат бўйлаб кенг кўламдаги тартибсизликларга олиб келди. Эрон ҳукумати бу воқеанинг ортидан ахлоқ полициясини тугатиш ҳақида қарор қабул қилганди.
Изоҳ (0)