Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Исроил қўшинларини келишилган жойларга олиб чиқиш эвазига Ғазо секторидаги жангчиларини чиқаришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали манбаларга асосланиб маълум қилди.

Уларнинг маълумотларига кўра, ҳаракатнинг Қоҳирадаги делегацияси Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича эҳтимолий келишув талабларини Миср воситачиларига топширган.
“ҲАМАС Исроилни келишилган жойларга қайтариш эвазига ўз жангчиларини чиқаришга тайёрлигини билдирди ва гаровдагиларнинг ҳаётини сақлаб қолишга содиқлигини таъкидлади”, дейди манбалар.
Уларнинг айтишича, ҳаракат “Исроил билан Ғазони босиб олиш режаларини тўхтатиш” ва ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланмаслиги бўйича халқаро кафолатларни ўз ичига олган ёзма келишувни талаб қилган.
Шунингдек, манбалар Миср август ойи охиригача амалга оширилиши лозим бўлган Ғазо бўйича кенг қамровли келишув режасини ишлаб чиқаётганини таъкидлаган.
Мисрнинг “Ал-Қоҳира ал-Ихбария” телеканали манбага таяниб хабар беришича, ҲАМАС делегацияси Қоҳирада Миср разведкаси раҳбари Ҳасан Рашид билан учрашган ва ўт очишни тўхтатиш ҳамда сулҳ бўйича музокараларга тезроқ қайтишдан манфаатдорлигини билдирган. Манбанинг айтишича, Қоҳирадаги учрашувларда 60 кунлик вақтинчалик сулҳга эришиш йўллари муҳокама қилинмоқда.
Изоҳ (0)