Вашингтон Пхеньян га Шимолий Корея Россияга қурол етказиб берса, бунинг “оқибатлари” билан таҳдид қилмоқда. 5 сентябрь куни АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Шимолий Корея бунинг учун халқаро ҳамжамиятга “катта товон тўлайди” деб огоҳлантирди.
![](/static/2023/surayyo2/photo_2023-09-06_10-12-37.jpg)
Америка расмийсига кўра, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россияга қурол-яроғ етказиб бериш бўйича давлат раҳбарлари даражасида музокаралар ўтказиши кутилмоқда.
Аввалроқ New York Times газетаси Ким Владимир Путин билан қурол-яроғ келишувини муҳокама қилиш учун сентябрь ойида Россияга боришни режалаштираётгани ҳақида хабар берганди. Нашрнинг ёзишича, учрашув Владивостокда бўлиб ўтиши мумкин, у ерга Шимолий Корея етакчиси зирҳли поездда келиши айтилмоқда. Кремль бу маълумотга изоҳ бермади.
Жейк Салливан Россия мудофаа саноати Украинага қарши урушда армия эҳтиёжларини қондира олмаётгани учун хориждан ўқ-дорилар сотиб олиш йўлларини қидираётганини эслатди.
“Биз Шимолий Кореяни ўз мажбуриятларини бажаришга ва Россияга қурол етказиб бермасликка чақиришда давом этамиз”, — деди у.
Изоҳ (0)