АҚШ Minuteman III қитъалараро баллистик ракетасини синовдан ўтказди. Бу ҳақда АҚШ космик кучлари матбуот хизмати хабар берди.
Ракета 6 сентябрга ўтар кечаси Калифорниядаги Ванденберг ҳаво кучлари базасидан учирилган. Миссияга раҳбарлик қилган полковник Брайан Титуснинг сўзларига кўра, “бу синовлар АҚШ ядровий кучларининг тайёрлигини кўрсатади ва миллий ядровий тўхтатувчи воситаларнинг самарадорлигига ишончни уйғотади”.
Пентагон матбуот котиби Пат Райдер 2 сентябрь куни тегишли синов ҳақида эълон қилганди. У мазкур парвоз бир неча йил аввал режалаштирилганини айтган. Икки томонлама келишувларга мувофиқ, АҚШ бўлажак синов парвози ҳақида Россияни олдиндан хабардор қилган.
Minuteman III — 1970 йилдан бери АҚШ армиясида хизмат қилиб келаётган қитъалараро баллистик ракета. Унинг учиш масофаси тахминан 9,5 минг километрни ташкил қилади. Ушбу ракетанинг сўнгги синовлари 2023 йил апрель ойида бўлиб ўтган, ўшанда ҳам у Ванденберг базасидан ишга туширилган.
Изоҳ (0)