АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 6 сентябрь куни эрталаб Киевга ташриф буюрди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Блинкен дастлаб АҚШ элчихонасида бўлиб, сўнг Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан бирга Берковец қабристонига ташриф буюрган. Мазкур қабристонда Россия босқинида ҳалок бўлган украиналиклар дафн этилган.
Кулеба Блинкен “Киевдаги кунини ҳалок бўлган қаҳрамонларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириш билан бошлаган биринчи ҳамкасби” бўлганини таъкидлаган.
“Бугун мен украиналик ҳамкорларимиз билан учрашиш ва улар билан давом этаётган қарши ҳужум, бўлажак ёрдам ва қайта қуриш саъй-ҳаракатларини муҳокама қилиш, энг муҳими, АҚШнинг Украинага бўлган қатъий садоқатини мустаҳкамлаш учун Киевга келдим”, — дея Блинкен ташриф сабабини айтган.
АҚШ давлат котиби Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашиши режалаштирилган. Бу Блинкеннинг уруш бошланганидан кейин Киевга учинчи расмий ташрифидир.
Изоҳ (0)