19 апрель куни АҚШ ҳарбийлари Minuteman III қитъалараро баллистик ракетасини синовдан ўтказди. Бу ҳақда АҚШ космик кучларининг Калифорниядаги Ванденберг базасида маълум қилинди.
Қайд этилишича, синов чоғида ракетада жанговар каллак бўлмаган. У Монтана штатидаги арсеналлардан тасодифий танлаб олинган ва Калифорниядаги учириш майдончасига олиб келинган. Ракета Тинч океани устидан 6,76 минг километр масофани босиб ўтган.
“Ушбу синов АҚШнинг ядровий тийиб турувчи кучи хавфсиз ва ишончли, XXI аср таҳдидларини олдини олишда самарали эканига иттифоқчиларни ишонтиришга қаратилган мунтазам ва даврий саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир”, — дея тушунтирди ҳарбийлар.
Minuteman III — қитъалараро баллистик ракета, у АҚШ Қуролли Кучлари стратегик арсеналининг асосий таркибий қисми ҳисобланади. Ракета ядро қуролини олиб юришга қодир, учиш масофаси 9 660 километр, тезлиги 24 000 километр/соатгача чиқиши мумкин.
Minuteman III ракетасининг аввалги синови февраль ойида бўлиб ўтган эди.
Эслатиб ўтамиз, 14 апрель куни Шимолий Корея биринчи марта “Хвасон-18” қитъалараро баллистик ракетасини учирган эди. Ким Чен Ин бу синов “мамлакатнинг душман ҳужумига ядровий зарба беришга тайёрлигини ошириши” ва “стратегик тийиб турувчи кучлар таркибини тубдан қайта қуриш” имконини беришини таъкидлаган.
“Хвасон-18” учирилганидан кейин Жанубий Корея, АҚШ ва Япония ҳарбийлари Япон денгизида ракетага қарши мудофаа машғулотларини бошлади.
Изоҳ (0)