Қора денгизда маҳаллий ишлаб чиқарилган қисқа масофага учувчи "Тайфун" баллистик ракетаси синовдан ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа саноати бошқармаси раҳбари Исмоил Демир маълумот берди.
Туркия маъмурияти қошидаги Мудофаа саноати департаменти кўмагида Рокетсан томонидан ишлаб чиқилган ракета 23 май куни маҳаллий вақт билан соат 06:44 да Қора денгиздаги Ризе-Артвин аэропорти ҳудудидан учирилган.
Парвоз вақтида аэропорт ичида ва атрофида кучайтирилган хавфсизлик чоралари кўрилган. “Тайфун” баллистик ракетаси биринчи марта 2022 йил 18-октябрда худди шу ҳудуддан учирилганди.
Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўшанда ракета 561 км масофани босиб ўтганини ва масофани 1000 км га ошириш режалаштирилаётганини айтди.
300 км гача бўлган баллистик ракеталар "Тактик баллистик ракеталар", 300 дан 1000 км гача бўлган ракеталар эса "Қисқа масофали баллистик ракеталар" деб таърифланади.
“Тайфун” ракетаси тез орада хизматга кириши кутилмоқда, бу эса Турк Қуролли кучларининг қобилиятини сезиларли даражада оширади.
Изоҳ (0)