Тошкентга бугунгача экилган ва экилаётган ҳар бир дарахтга паспорт берилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2030 йилгача Тошкент шаҳри ҳудудидаги яшил майдонларни 5 000 гектарга етказиш мақсад қилинган. Бу борада ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, 2024 йилда ҳозирда мавжуд 900 гектарга қўшимча 300 гектар кўкаламзор ҳудуд ташкил этилиб, яшил майдонлар 1 100 гектарга, 2025 йилга 1 400, 2026 йилда 1 900, 2027 йилга 2 500, 2028 йилда 3 200, 2029 йилда 4 000 гектарга етказилади.
Шунга параллел равишда бугунгача экилган ва экилаётган ҳар бир дарахтга паспорт бериш ва уларнинг парвариши учун масъулларни бириктириш ҳамда ўсиш жараёнини назорат қилиш ишлари ҳам олиб борилади.
Шавкат Мирзиёев 4 июль куни тошкентлик сайловчилар билан учрашув чоғида пойтахтда экологик барқарорликни таъминлаш, уни тоза ҳаволи мегаполислардан бирига айлантириш ишлари жадаллаштирилишини айтганди.
“Бугунги кунда пойтахтимизда яшил майдонлар 900 гектарни ташкил қилади. Келгуси етти йилда бу ҳудудни 5 баробар кўпайтириб, 5 минг гектарга етказамиз”, — деган эди у.
Бунинг учун шаҳар бўйлаб ҳар йили камида 1 миллион дона манзарали, мевали кўчатлар ва қаламчалар экилишини қайд этиб ўтганди.
“Тошкент шаҳрини 2030 йилга қадар ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонида маданият ва истироҳат боғлари, хиёбонлар ва булварлар қиёфасини ўзгартириш, яшил ҳудудларни кескин кўпайтириш орқали пойтахтни тоза ҳаволи мегаполислардан бирига айлантириш белгиланди.
Изоҳ (0)