Бир суткада Россиядаги ҳарбий комиссариат биноларига ўт қўйишга камида 14 та уриниш қайд этилди, деб ёзмоқда рус тилидаги ОАВ ва Telegram каналлари. Қонунбузарликни содир этишда айбланиб ҳибсга олинганларнинг аксарияти — аёллар.
Хусусан, ОАВ Санкт-Петербург, Москва вилояти, Қозон, Омск, Калуга, Верхнеуралск, Россош, Волск, Копейск шаҳарлари ва Агинское посёлкасидаги ҳарбий комиссариат бўлинмаларини ёқишга уринишлар ҳақида хабар берди.
База Telegram канали хабарига кўра, 1 август куни Копейскда Челябинск пўлат конструкциялари заводининг 54 ёшли ходими ҳарбий комиссариатга ўт қўйишга урингани учун қўлга олинган. У комиссариатнинг тиббиёт бўлимига Молотов коктейли (қўлбола портловчи модда) улоқтирган.
Ўша кеча Верхнеуралскдаги ҳарбий комиссариатга ҳам ўт қўйишга уринилган. Воқеа жойида 34 ёшли маҳаллий фуқаро қўлга олинган. Калугадаги бошқа ҳарбий бўлинмада 78 ёшли нафақахўр ўт қўйишга урингани учун қўлга олинган, дейилади хабарда.
Бошқа ҳудудларда бундай қоидабузарликни содир этганлар орасида мактаб ўқувчилари ва аёллар бор. Шу билан бирга, ҳарбий комиссариатга ўт қўйганларнинг ҳеч бири сиёсий талаблар ҳақида гапирмаган.
Изоҳ (0)