Москвада эркак Қизил майдондаги Ленин мақбарасига ўт қўйишга уринди, деб хабар бермоқда Baza ва 112 нашрлари.
Маълумотларга кўра, эркак ҳимоя панжараси ичига “Молотов коктейли”ни (қўлбола портловчи модда) улоқтирган. Ҳужумчи полиция томонидан қўлга олинган.
Bazа қайд этишича, воқеа 17 июль куни кечқурун содир бўлган. Чита шаҳридан келган 37 ёшли эркак полицияга қаршилик кўрсатган, у ноадекват ҳолатда бўлган. Унга нисбатан “милиция ходимининг қонуний талабига бўйсунмаслик” моддаси бўйича маъмурий иш қўзғатилган.
Маълумот учун, Москвадаги мақбарада сақланаётган Владимир Лениннинг жасадини ерга дафн қилиш масаласи кўп йиллардан бери Россияда турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келади.
Владимир Ленин 1924 йил 21 январда Москва яқинида вафот этган. Унинг жасади балзамланган ва Қизил майдонда махсус қурилган мақбарага қўйилган. 1991 йилда СССР парчаланганидан кейин инқилобчининг жасадини қайта кўмиш масаласи турли даражаларда бир неча бор кўтарилган. Аммо ўз якунига етмай қолган.
Изоҳ (0)