Дунёдаги барча электродвигателли ва гибрид автомобилларнинг ярмидан кўпи Хитойда ишлатилади. Бу ҳақда ZSW Германия тадқиқот институти маълумотларига таяниб, дпа агентлиги хабар берди.
Институт маълумотларига кўра, 2023 йил бошига келиб Хитой йўлларида 14,6 миллион электромобил ҳаракатланаётган бўлса, бу дунёдаги жами 27,7 миллион электромобилнинг 53 фоизини ташкил этади.
Иккинчи ўринда АҚШ турибди, мамлакатда 3,4 миллион электромобил рўйхатга олинган. 1,9 миллион дона шундай машиналарга эга Германия учинчи ўринда. Франция ва Буюк Британия мос равишда 1,1 миллион ва 1 миллион электромобил билан тўртинчи ва бешинчи ўринларни эгаллаган.
ZSW маълумотларига кўра, Хитой электротранспорт воситалари бозорида нафақат ҳукмронлик қиляпти, балки бошқа мамлакатлардан тобора тезроқ ўзиб кетяпти.
“Агар Германия 2030 йилга бориб кўчаларга 15 миллион электромобилни чиқариш бўйича ўз олдига қўйган мақсадига эришмоқчи бўлса, у ҳолда ҳар йили 2022 йилдагидан икки баравар кўп шундай автомашиналарни рўйхатдан ўтказиши керак”, — деди институт матбуот котиби Андреас Пюттнер.
Эслатиб ўтамиз, Tesla автомобилларининг тўртала модели (Model Z, Х, Y, S) 2023 йилнинг “энг америкабоп автомобиллари” деб топилганди. Улар АҚШда энг кўп ишлаб чиқарилиб, америкаликлар томонидан энг кўп фойдаланилмоқда.
Изоҳ (0)