Америкалик бизнесмен Илон Маск Forbes’нинг дунёнинг энг бой одамлари рейтингида биринчиликни қайтариб олди. Tesla ва SpaceX бош директори, шунингдек, Twitter эгасининг бойлиги 242,4 миллиард долларга баҳоланмоқда.
24 июль, душанба куни Tesla электромобил харидорларига етти йиллик кредит беришини эълон қилганидан кейин компания акциялари 2,5 фоизга қимматлашди. Бу Маскни 4,1 миллиард долларга бойитди.
Ҳозирда тадбиркорнинг бойлиги 242,4 миллиард долларга баҳоланмоқда ва у яна энг бой одамлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллади. Маск ўтган ҳафтада иккинчи ўринга тушганди, чунки Tesla’нинг чораклик даромадлари тўғрисидаги нотўғри ҳисобот компания акцияларини деярли 10 фоизга туширганди.
Миллиардерлар рўйхатида Louis Vuitton Моët Hennessy гуруҳи раҳбари Бернар Арно 234,6 миллиард доллар билан иккинчи, Amazon асосчиси Жефф Безос эса 151,5 миллиард доллар билан учинчи ўринда.
Июнь ойида Bloomberg талқини бўйича дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида Илон Маск яна биринчи ўринни эгаллаганди. Ўшанда тадбиркорнинг бойлиги 192 миллиард долларга баҳоланган.
Изоҳ (0)