Туркияда бир неча зилзила содир бўлди. Бу ҳақда Европа Ўрта Ер денгизи сейсмология марказига таяниб, Tengrinews хабар берди.
25 июль куни эрталаб Туркия жанубидаги Адана вилоятининг Козан туманида 5,5 магнитудали зилзила содир бўлди. Ер силкинишлари маҳаллий вақт билан 08:44 да кузатилган. Зилзила ўчоғи 12 километр чуқурликда жойлашган.
Икки соатдан кейин Козанда сейсмологлар 3,8 магнитудали янги зилзилани қайд этди. Унинг ўчоғи 5 километр чуқурликда жойлашган.
Худди шу ҳудудда яна бир 4,6 магнитудали зилзила маҳаллий вақт билан соат 10:57 да юз берди. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган. Эҳтимолий зарар ҳақида хабарлар пайдо бўлмаган.
Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни Туркиянинг жануби-шарқида магнитудаси етти баллдан ортиқ бўлган иккита зилзила содир бўлганди (маҳаллий вақт билан соат 04:17 да – 7,7 балл ва 13:24 да – 7,6 балл). Кучли силкинишлар қўшни давлатлар, жумладан, Сурия, Ливан, Кипр ва Ироқда ҳам сезилган. Туркиядаги зилзила қурбонлари сони 50 мингдан ошган.
Изоҳ (0)