Шавкат Мирзиёевнинг инаугурацияси 14 июль, жума куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.
Шу куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг Ўзбекистон Республикаси сайланган президентининг лавозимига киришишига бағишланган қўшма мажлиси ўтказилади.
Маросимда МСК раиси Зайниддин Низомхўжаев Шавкат Мирзиёевга президентлик гувоҳномасини топшириши кутилмоқда. Қасамёд қабул қилганидан сўнг унга президент расмий белгиси ва штандарти ҳам топширилади.
Эслатиб ўтамиз, 9 июль куни бўлиб ўтган президент сайлови натижаларига кўра Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз овоз олиб, ғолиб бўлганди. Робахон Маҳмудова 4,43 фоиз, Улуғбек Иноятов 4,02 фоиз, Абдушукур Ҳамзаев 3,74 фоиз овоз олганди.
Шавкат Мирзиёевнинг президентлик фаолияти
Шавкат Мирзиёев 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон президенти этиб сайланган. 2021 йил 24-октябрь куни бўлиб ўтган президент сайловида 80,1 фоиз овоз билан Ўзбекистон президенти этиб қайта сайланган. 6 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати биносида инаугурация маросими бўлиб ўтган.
Мажлисни Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев очиб бериб, Шавкат Мирзиёевга президент гувоҳномаси ва МСК шаҳодатномасини топширган. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституцияси ва Қуръони Каримга қўл қўйган ҳолда қасамёд қилган ва йиғилганлар қаршисида нутқ сўзлаган.
Изоҳ (0)