Ўзбекистонда имтиёзли пенсия 50 ёшдан, иш стажи камида 20 йил бўлган фуқарога тайинланади. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси ахборот берди.
Пенсия жамғармасига 53 ёшли мактаб ўқитувчиси ногирон қизи борлиги учун имтиёзли пенсияга чиқмоқчилиги, иш стажи 19 йил эканини айтиб, мурожаат йўллаган. Жамғарманинг маълум қилишича, имтиёзли пенсияга чиқиш учун камида 20 йиллик иш стажи талаб этилади.
“Болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналари уларни саккиз ёшгача тарбиялаган бўлса ҳамда иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда, 50 ёшдан имтиёзли пенсия тайинланади. Қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, фуқаронинг меҳнат стажи 20 йилни ташкил қилмагани сабабли 53 ёшдан имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқи мавжуд эмас”, — дейилади манба ахборотида.
Маълумот учун, Ўзбекистонда эркаклар 60 ёшга, аёллар 55 ёшга тўлганда уларга тўлиқ пенсия тайинланиши белгиланган. Фуқаронинг меҳнат стажи камида 7 йил бўлганда унга тўлиқсиз ёшга доир пенсия тайинланади. Бугунги кунда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — ойига 535 000 сўм.
“Пенсия миқдори иш ҳақи ва иш стажига боғлиқ. Агар фуқаро ижтимоий солиқни қанча кўп тўласа, пенсия миқдори ҳам шунча юқори бўлади”, — дея хабар берган Пенсия жамғармаси.
Айни пайтда мамлакатда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 4 миллион 447 минг 597 нафар. Шундан пенсия олувчилар 3 миллион 839 минг 508 нафар, нафақа олувчилар 608 минг 89 нафар. 2023 йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, ёшга доир пенсия олувчилар сони 3 миллион 182 минг 617 нафарни, ногиронлик пенсиясини олувчилар 426 минг 532 нафарни, боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олувчилар 230 минг 359 нафарни ташкил қилади.
Изоҳ (0)