“Вагнер” хусусий ҳарбий кампанияси раҳбарининг исёнидан сўнг 15 га яқин россиялик офицер ишдан бўшатилди ёки четлаштирилди, яна 13 нафари сўроқ учун ҳибсга олинди. Бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбааларига таяниб, хабар берди.
Маълум қилинишича, Пригожиннинг “адолатли марши” бошланганидан бир неча соат ўтгач, Россия ички хавфсизлик хизмати бир неча юқори мартабали ҳарбийларни, жумладан, генерал Сергей Суровикинни ҳибсга олган.
Суровикин Москвада сўроқ қилинмоқда, бироқ у жиноятда айбланмаган. Нашр манбаларидан бири у исён режалари ҳақида билиши мумкинлигига ишонч билдирган.
Сўроқдан кейин генерал-полковник Андрей Юдин ҳам, генерал-лейтенант Владимир Алексеев ҳам ўз вазифаларидан четлаштирилгани айтилмоқда. Генерал-полковник Михаил Мизинцев ҳам ҳибсга олингани таъкидланган.
Пригожин исёни
“Вагнер” билан боғлиқ воқеалар Пригожин Россия Мудофаа вазирлигини вагнерчилар лагерига зарба беришда айблаб, жавоб беришга ваъда берганидан кейин бошланди. 24 июнь куни эрталаб “Вагнер” кучлари Ростов-Дондаги Жанубий ҳарбий округи штаб-квартирасини тўсиб, Москва томон йўл олди. Россия Мудофаа вазирлиги айбловларни рад этиб, буни провокация деб атади.
Ўша куни кечқурун Лукашенко билан музокаралар натижасида Пригожин чекинишни эълон қилди. Кремль Пригожинга қарши қуролли исён бўйича жиноий иш тўхтатилиши, вагнерчилар жиноий жавобгарликка тортилмаслиги ва Пригожиннинг ўзи Беларусга кетиши мумкинлигини билдирди.
Изоҳ (0)