Қарши шаҳрининг собиқ прокурори Актам Наврўзов Қарши тумани ҳокимлигида иш бошлади. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, собиқ прокурор ҳокимликда юрист сифатида иш бошлаган.
“Наврўзов Актам Шерматович туман ҳокимлиги бош юристконсулти вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди”, — дейилади ҳокимлик ахборотида.
Аниқлаштирилишича, Актам Наврўзов 1974 йил вилоятнинг Касби туманида туғилган бўлиб, 1996 йил Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. 2016 йилда Бош прокуратура Олий ўқув курслари тингловчиси бўлган. 2018—2022 йилларда Қарши шаҳар прокурори лавозимида фаолият юритган.
- Актам Наврўзов жамоатчиликка тадбиркорга тегишли компьютерни тепиб синдиришда, унинг мижозларини жиноятчидек қўлини қайириб, судраб олиб чиқиб кетишда айбланиши билан танилганди.
- Мазкур ҳолатга муносабат билдирган Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг ОАВ сўровига жавобан прокурор иши ўрганилаётганини маълум қилганди.
- Кейинчалик Бош прокуратура Қарши шаҳар прокурорининг ноутбук синдирганини рад этганди.
- Аммо айбдор топилади деганди. Бироқ, кейинчалик зўравон топилган ёки топилмагани ҳақида жамоатчиликка маълум қилинмаганди.
Изоҳ (0)