Қозоғистон билан чегарани белгилашга оид шартнома ратификация қилинди, деб хабар бермоқда “Ҳуқуқий ахборот” Телегам-канали.
Маълум қилинишича, 30 июнь куни Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган қонун билан Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида Ўзбекистон—Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартнома ратификация қилинди.
Сенатнинг 23 июнь куни бўлиб ўтган қирқ иккинчи ялпи мажлисида ушбу қонун кўриб чиқилиб, маъқулланганди. Муҳокама чоғида ҳужжат Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан унинг 2022 йил 21 декабрь куни Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида имзолангани билан алоҳида аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланганди ва шартнома ратификация қилиниши икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилганди.
Шартномага кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги давлат чегарасининг демаркация қилинган чизиғи узунлиги 2 356 километрдан ортиқдир. Шартнома билан Ўзбекистон—Қозоғистон Давлат чегарасини белгилаш бўйича ишлар тўлиқ якунланди ҳамда чегара хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлаш учун энг муҳим шарт-шароитлар яратилди.
Изоҳ (0)