Украина қўшинлари фронтда Россия армиясининг қаттиқ қаршилигига дуч келмоқда, деди Украина президенти Владимир Зеленский Американинг NBC News телеканалига берган интервьюсида.
“Ишлар яхши кетмоқда. Мен буни умуман олганда, ижобий деб айтган бўлардим, лекин жуда оғир. Олдинги чизиқдаги қўшинларимиз қаттиқ қаршиликка дуч келмоқда. Чунки Россия учун Украинадаги ушбу кампанияда мағлуб бўлиш аслида урушда мағлуб бўлишни англатади”, — деди Заленский журналистнинг қарши ҳужум ҳақидаги саволига жавобан.
У ҳужум операцияси тафсилотларини ошкор этишдан бош тортди.
Украина президенти яна бир бор Ғарб иттифоқчиларини ҳарбий ёрдам кўрсатиш, хусусан, самолётлар етказиб бериш ва украиналик учувчиларни тайёрлашни кечиктирмасликка чақирди.
“Бюрократия борлигини тушунаман. Аммо биз вақт йўқотяпмиз, одамларни йўқотяпмиз ва энг муҳими, ўз устунлигимизни бой беряпмиз”, — деди Зеленский. “Украина ҳавода ҳам рақобатлаша олишни хоҳлайди, келинг, бугун буни рўёбга чиқарамиз”.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, агар Россия Украинани босиб олса, у янада кўпроқ ерга – “Болтиқбўйи мамлакатларига, Польшага, исталган НАТО давлатига” ўтади. Бу ҳолатда АҚШ НАТОни парчалаш ёки уруш ўртасида танлов қилишига мажбур бўлади, деб ҳисобламоқда Украина президенти.
Украина фронтда қарши ҳужум бошланганини расман эълон қилмаган. Россия Мудофаа вазирлиги Украина Қуролли кучларининг ҳужуми 4 июнь куни бошланганини даъво қилмоқда. 9 июнь куни Россия президенти Владимир Путин ҳужум пайтида Украина Қуролли кучлари фронтнинг бирорта секторида ўз олдига қўйилган вазифаларни бажара олмаганини айтди.
Изоҳ (1)
Ассалому алейкум мен боқувчисини юқотганлик учун пенся оламан мени пулимни пластика утказишибти шуни қандай қилиб нақт пул қилсам булади банкга мурожаат қилсам иложи йӯқ дийишди