Бухоро шаридаги хиёбон автотураргоҳида бир фуқарони калтаклаб, талончилик билан шуғулланган шахсларга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 15 май куни соат 10:00 ларда Жондор тумани “Мирзаён” маҳалласида яшовчи 23 ёшли Ш.Н. шериги 21 ёшли Ш.Ш. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, “Боқий Бухоро” хиёбони автотураргоҳида 25 ёшли А.А. билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро низо натижасида жанжаллашган.
Йигитлар фуқаро танасининг турли соҳаларига уриб, А.А.га тегишли баҳоси 2,5 миллион сўм бўлган Samsung S-10 русумли, 300 минг сўмлик Samsung verzion, 200 минг сўмлик Novey русумли телефон аппаратларини, фуқаролик паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда баҳоси 1 миллион сўм бўлган Motion Control Neoline номли антирадар мосламасини, шунингдек, 50 минг сўмлик орқани кўрсатувчи ойна, 4 дона тўлов пластик карталарини очиқдан очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 166-моддаси (талончилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Талончилик ҳолатлари
Апрель ўрталарида Тошкент вилоятида фуқароларга зўрлик ишлатиб, қўрқитиш орқали уларни тунаб келган жиноий гуруҳ ушланган эди. Март ойида эса Самарқанд вилояти Жомбой туманида фуқароларни қўрқитиб, яланғоч ҳолда суратга олган ва шу орқали улардан пул талаб қилган аёл қўлга олингани, ундан олдинроқ Тошкентда муқаддам судланган 4 нафар шахс дорихонада талончилик қилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)