Афғонистоннинг Бомиён вилоятида “Толибон” аёллар ва қизлар учун диний мактаб қурмоқда. Бу ҳақда Hasht-e Subh Daily хабар берди.
Маҳаллий манбаларга кўра, “Зинбия” деб номланган ушбу диний мактабнинг қурилиш ишлари Бомиёндаги “Толибон” губернатори Мулла Абдулла Сарҳадий томонидан бошланган.
Ушбу мактабни қуриш нархи ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Бомиёнлик аёллар учун мазкур мактаб қурилиши харажатларини вилоят аҳолиси ёки “Толибон” гуруҳи тўлайдими, ҳозирча аниқ эмас.
“Толибон” ҳар бир қишлоқда исломий таълим учун диний мактаблар ташкил этишга ҳаракат қилаётгани айтилади. Бомиён Афғонистон марказидаги Ҳазория вилоятларидан бири бўлиб, аҳолисининг аксарияти шиалардир.
“Толибон” 2021 йил ҳокимият тепасига келгач, университетларда жинсга қараб алоҳида синф хоналари ва кириш эшиклари мавжуд бўлган. Аёл талабаларга фақат аёл профессорлар ёки қариялар дарс бериши мумкин эди.
Бироқ 2022 йил декабрь ойида “Толибон” аёлларнинг университетда таҳсил олишини тақиқлаган. Бу аёлларнинг расмий таълим олиш имкониятини янада чеклайди, жумладан, улар ўрта мактабда таълим олишдан четлаштирилган.
Уч ой олдин Афғонистон бўйлаб минглаб қизлар ва аёллар университетга кириш имтиҳонларида қатнашган. Аммо улар ўрганиши мумкин бўлган фанларга кескин чекловлар қўйилганди. Хусусан, ветеринария, муҳандислик, иқтисод ва қишлоқ хўжалиги соҳаси тақиқланиб, журналистика қаттиқ чекланган.
Афғонистонда аёлларга нисбатан қўлланган тақиқлар
Бунгача афғонистонлик аёлларнинг БМТ идораларида ишлаши, эркакларга аёллар учун кийим тикиш, аёлларнинг эркак шифокорларга бориши, аёлларнинг шифохонага ёлғиз бориши ва уларнинг истироҳат боғига ташриф буюриши тақиқлаган. Шунингдек, Афғонистонда оилалар ва аёлларнинг боғлари ёки яшил ҳудудлари бўлган ресторанларга кириши ва аёллар овози эшитилган рекламаларни эфирга узатиш тақиқланган.
Изоҳ (0)