Президент томонидан имзоланган қонун билан “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш киритилди. Бу ҳақда Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Унга кўра, банк устав капиталининг энг кам миқдори:
- 2023 йил 1 сентябргача 100 миллиард сўмни;
- 2023 йил 1 сентябрдан 200 миллиард сўмни;
- 2024 йил 1 апрелдан 350 миллиард сўмни;
- 2025 йил 1 январдан 500 миллиард сўмни ташкил этади.
Илгари банк устав капиталининг энг кам миқдори 100 миллиард сўмни ташкил этиши лозим эди.
Шунингдек, ташкил этилаётган ёки қўшиб юбориш, бўлиш ва ажратиб чиқариш шаклида қайта ташкил этилаётган банк устав капитали юқорида назарда тутилган кундаги миқдорлардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистонда банкларнинг устав капиталининг энг кам миқдорини ошириш таклифлиги 2022 йил октябрда муҳокамага қўйилган эди. Сенат бу борадаги қонунга ўзгартириш киритишни 2023 йил апрель бошларида маъқуллаган.
Изоҳ (0)