Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида жойлашган буюм бозоридаги дўконларда ёнғин чиқди, деб хабар беради вилоят ФВБ матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 17 апрель куни тонги соат 00:33 ларда туман ФВБга “Чироқчи” МФЙда жойлашган “Сарбон Баракаси” МЧЖ буюм бозори ёнида ёнғин содир бўлаётгани тоғрисида хабар келиб тушган.
Хабарга кўра туман ФВБдан 3 та ёнғин-қутқарув бўлинмаси воқеа жойига соат 00:36 ларда етиб борган ва ёнғин тўлиқ 01:20 да ўчирилган. Ёнғин оқибатида якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли иккита савдо дўконининг жами 60 квадрат метр майдонда ички ва том қисми ёнган, шунингдек, дўконлардаги савдо моллари ҳам зарарланган.
“Ёнғин-қутқарувчиларининг тезкорлиги натижасида ёнғиндан савдо дўконларига ёндош бўлган 20 тадан ортиқ дўконлар асраб қолинди”, — дейилади хабарда.
Ёнғиндан тан жароҳати олганлар йўқ, ҳозирда ёнғин сабаблари ва зарарлари аниқланмоқда.
Бир неча кун олдин Навоийда 3 қаватли қурилиш моллари савдо марказида ёнғин чиққани тўғрисида хабар берилганди. Март охирларида Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида пластмасса маҳсулотларини сақлаш омборида ёнғин юз бергани маълум қилинганди. Шунингдек, Андижондаги кўп қаватли уйда ёнғин чиққани, Хоразмдаги пахта заводида ёнғин содир бўлгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)